Тоғли Қорабоғ уруши: Унга онаси энди йўқлигини қандай айтай?

  • Ольга Ившина
  • Би-би-си, Ганжа

Шанба куни шаҳарда 17 октябрь куни ракета ҳужумида ҳалок бўлганлар хотирасига бағишланган мотам тадбирлари ўтказилди.

"Набирам мен билан ухлаяпти, тинмай "бобо, онамни олиб келинг!" дейди. Уни қандай олиб келай? Унга онаси энди йўқлигини қандай айтай?" дейди Низомий Агаев ва кўз ёшларини яшириш учун юзини қўллари билан ёпади.

Унинг набираси - уч ёшли Хадича энди етим. Унинг онаси, отаси ва синглиси ҳужум чоғида ўлган.

Хадичанинг мовий кўзларида чарчоқ ва бироз шишгандек кўринади. Ҳужумдан уч кун ўтгунча, у кўзларини очолмади - портлаш вақтидаги қум ва чанг унинг кўз шох пардасини қоплаб олганди. Энди шифокорларнинг саъй-ҳаракатлари билан Хадича бир соатда бутун оиласи тақдири ўзгарган дунёни кўрмоқда.

Озарбайжоннинг иккинчи йирик шаҳри - Ганжада бир ҳафта давомида портлаш овози эшитилмади. Унинг ўрнига энди кўчаларда қурилиш техникаларининг товуши аста-секин баландламоқда. Одамлар портлаш тўлқинида зарар етган биноларни қайта тикламоқда.

Хадичанинг уйи ҳам энди йўқ, портлаш барини вайрон қилган. Ҳозир Хадича Ганжадан 20 километр узоқликдаги қишлоқда бобоси ва бувиси билан яшайди.

17 октабрга ўтар кечаси Ганжадаги турар-жой квартали ракета зарбалари остида қолди. Озарбайжонга кўра, Арманистон қуролли кучлари шаҳарга Скад (Р-17) баллистик ракетасини отган. Арманистон кучлари буни рад этди ва улар фақат ҳарбий нишонларга зарба бераётганини айтмоқда.

"Портлаш товушини эшитдиму, машинага югурдим ва Ганжага - қизим олдига учдим. Уларнинг олд эшиги томон югурдим, дунём қулаб тушди... На эшик, на панжара қолган, ҳеч нарса йўқ эди. Фақат атрофдаги зулмат ва тошлар уюми", деб эслайди Низомий Агаев.

Тоғли Қорабоғдаги фронт чизиғидан 60 километр узоқликда жойлашган Ганжани ўққа тутиш 4 октябрда бошланганди.

"Йўқотишлардан қўрқмаймиз"

Агаевлар уйига кираверишда қора шарф боғланган - мотам рамзи. Ҳозир уларнинг уйида одам кўп. Қариндошлар, қўшнилар, танишу бегоналар Хадичанинг ўлган ота-онасини хотирлаш учун келишмоқда. Бу ерда уларни шаҳидлар ва қаҳрамонлар деб атайдилар.

Сурат тагсўзи,

Хадича бир зумда ота-онасидан айрилди

"Қизимнинг режалари кўп эди, кўп нарсаларни орзу қиларди. Ҳеч нарса ўйлаганингдек бўлмайди. Қизим, қизим, қанақаси бу?" - ҳўнграб йиғлайди марҳуманинг онаси Севинж Агаева.

Қариндош-уруғ атрофни айланиб чиқмоқда. Кимдир жажжи Хадича билан ўтирибти. Сонидаги жароҳат сабабли у югура олмайди, юролмайди ҳам, шунинг учун кимдир уни доимий кўтариб юради.

"Набирамга нима тилайман? У униб ўсишини тилайман. Аллоҳ уни қўлласин, ўзи асрасин. Худо набирамизда ўз қизимизни кўришимиз учун уни сақлаб қолди", дейди Севинж.

У кўзёшларини аранг тутиб турибди, уй атрофини кезади; маросимга келганларга чой нон келтиради; дераза пардасини ва бошидаги қора рўмолини тўғрилайди.

Сурат тагсўзи,

Севинж кўз ёшларини тўхтатолмайди

Илтимосимизга кўра у қизининг тўй фотосуратини ёпиб турган матони бир лаҳзага очади (маҳаллий анъанага кўра, майитларнинг фотосуратлари ва уйдаги барча кўзгулар мотам пайтида мато билан ёпилади).

"Қизим пишириқ пиширишни жуда яхши кўрар эди. Пишириқлар, ширинликлар, печенье. У жуда мазали овқат тайёрларди, ҳаммани меҳмон қилар, ўзи ҳам улар билан тамадди қилишни хуш кўрарди," дейди Севинж ва уйга келганимиздан бери биринчи марта жилмайиб қўйди.

Бу вақтда кичкина Хадича яна онасини сўрамаслиги учун Низомий уни чалғитди. Мен ундан шу кунларда оиласи бошига тушган мусибат билан қандай курашганини сўрайман.

"Ҳозир асосийси бизнинг Ватанимиз, унинг ободлиги. Уруш, уруш давом этмоқда. Биз йўқотишлардан қўрқмаймиз, ҳалок бўлган қаҳрамонларимиз жасадларини кутиб олишга тайёрмиз. Бу қонларнинг ҳаммаси бекорга тўкилмаслигига ишонамиз. Тез орада бизнинг ҳарбийларимиз ғалаба билан қайтади деб умид қиламан. Ва бу уруш, бу даҳшат тугайди," деб жавоб беради Низомий.

Сурат тагсўзи,

Ушбу суратда Хадичанинг онаси, отаси ва синглиси. Улар портлаш пайти ҳалок бўлганлар

"Мен ўзимни қазиб олдим... энди қандай яшашни билмайман"

Озарбайжон расмийларига кўра, 17 октабрь кунги ракета ҳужумлари натижасида 20 дан ортиқ турар-жой бинолари вайрон бўлган.

Улардан бири Рамиз Габдраҳмановники эди. Уни яқиндагина қурганди, уни астойдил жиҳозлади, шу ерда кексаликка қадар яшайман деб ният қилганди. Аммо уй энди йўқ.

Рамизнинг қизи ва уч набираси ҳам энди йўқ. Уларнинг барчаси бир неча ўн метр наридаги қўшни уйда ухлардилар. Ракетанинг асосий зарбаси ўша ерга бўлди.

"Даҳшат, даҳшат... Қариндошларимни парча-парча йиғиб олдим. Портлашдан уйғониб кетган эдим, тошлар, том қолдиқлари қулади. Ўзимни ўзим қазиб чиқариб олдим ва дарҳол қизимникига югурдим. Қўлларим билан қазиб олдим... Уларнинг жасадларини парча-парча ҳолатда чиқариб олдим. Уч набирамни парча-парча йиғдим," дейди Рамиз.

"Бундан буён қандай яшашни билмайман. Менда куч йўқ, ҳеч нарса йўқ... Аммо нима қилиб бўлмасин яшашимиз керак. Биз яшаймиз," деб такрорлайди у бир пайтлар унинг севимли бурчаги бўлган тошлар уюмига қараб.

Унинг буюмлари ғишт ва арматура остидан чиқиб туради. Улар орасида - уй компоти ва мураббо бўлган идишлар, улар қандай қилиб бутун қолгани аниқ эмас. Рамиз уларга бепарво қарайди. Унинг хаёлидан нималар ўтаётганини билмайман, лекин ўзим бир неча уйни парчалаб ташлаган ва 14 кишини ўлдирган портлашдан омон қолган шиша идишлардан кўз узолмайман.

Сурат тагсўзи,

Рамиз уйи вайроналари ўрнида

Шиша парчалари овози эшитилади - булар Рамизнинг қўшнилари, ҳовлиларидаги шиша парчаларини супурмоқдалар.

"Шундай қилиб, биз ҳаммасини тозалаб, деразаларга янги ойна қўйиш ва ҳаётни давом эттириш вақти келди, деб қарор қилдик, - дейди Солмаз исмли аёл менга (у фамилиясини айтмади). - Умид қиламанки, яна снарядлар тушмайди. Аммо шундай бўлса ҳам, биз ҳеч қаерга кетмаймиз, ҳаммасини тиклаб, аввалгидек яшаймиз."

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: //t.me/bbcuzbek