Ҳиндистон: Бузилган Бобур масжиди ўрнида бутхона қуриш бошланди - видео

Бош вазир Моди
Сурат тагсўзи,

Бош вазир Моди бузилган Бобурий масжид ўрнида бутхона қурилишини расман очиб берди.

Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди Уттар Прадеш штатидаги Айодҳа шаҳрида қурилажак бутхона пойдевори учун кумуш ғишт қўйди.

Аммо ибодатхона ўрни зиддиятли: мусулмонлар ҳам, ҳиндулар ҳам уни ўзлариники, деб биладилар.

1992 йили ҳинду миллатчилари Бобур масжиди аслида ҳиндуларнинг Рам худоси бутхонаси ўрнида тикланган, деб уни бузиб ташлашганди.

Масжид ўрнида бутхона қандай тикланмоқда? Видео:

Масжид яксон этилиши ортидан мусулмонлар ва ҳиндулар ўртасида низолар чиқади.

Бу ерда масжид қайта тикланадими ёки бутхона қуриладими деган савол устида чиққан қонуний тортишув эса чорак асрдан кўп давом этди.

Ниҳоят, ўтган 2019 йили Ҳиндистон Олий Маҳкамаси у жойни ҳиндуларга берди.

Модининг ваъдаси

Сурат тагсўзи,

Рам худоси бути ҳозирча чодирда сақланмоқда.

Бузилган масжид ўрнида бутхона қуриш - Нарендра Модининг иқтидордаги БЖП партияси берган асосий ваъда эди.

БЖП партияси, асосан, ҳинду дини ва ҳиндулар манфаатларини илгари суради.

Партия тарафдорлари орасида эса ҳинду миллатчилари кўпчиликни ташкил этиши айтилади.

Бир маҳаллий ҳинду Би-би-си мухбирига гапираркан, энди Рам худосининг ўз уйи бўлишидан қувончи ичига сиғмаётганини билдирди.

Ибодатхонанинг илк ғишти қўйиларкан, Айодҳадаги ҳиндулар уни томоша қилиш учун томлар устига чиқишган ва "Жай Шри Рам!" (Рам Худосига шон-шараф) деб қичқирганлар.

Сурат тагсўзи,

Бутхона тикланишидан хурсанд ҳиндулар коронавирусга қарамай, кўчаларга чиқишди.

Сурат тагсўзи,

Айодҳада ҳиндулар байрам қилишмоқда.

Коронавирус пандемиясига қарамай, кўпчилик ниқоб тақмаган, ўзаро ижтимоий масофаланишга ҳам риоя этмаганлар.

Ҳиндистонда коронавирус юқтирганлар сони 2 миллион атрофида.

Қурбонлар сони 40 минг нафар атрофида.

Шунга қарамай, маросимда расман юзлаб одамлар иштирок этишган.

Бош вазир Моди мазкур маросимда ибодатхона пойдевори учун кумушдан ясалган илк ғиштни қўйган.

Мамлакатнинг турли жойларидан ҳиндулар ибодатхонани тиклаш учун кумуш ва олтинлар жўнатишган.

Маросим улкан экранлар орқали кўчаларда ҳам намойиш қилинган.

Ҳиндистон телеканаллари ибодатхона қурилишини кўрсатиб боришни таклиф этганлар.

Бобур масжиди ё Рам бутхонаси?

Айодҳада 16-асрда тикланган Бобур масжидини 1992 йили ҳинду миллатчилари бузиб ташлашганди.

Ҳиндуларнинг ишонишича, бир неча юз йил олдин келган мусулмон босқинчилари уларнинг Рам худоси бутхонаси ўрнида масжид қуришган.

Мусулмонлар 1949 йилгача ҳам бу ерда намоз ўқишгани айтилади.

Кейин ҳиндулар келиб, масжидда Рам худоси бутини ўрнатишади.

Шундан сўнг зиддиятлар кучаяди.

Ҳиндистон ҳаками ҳукми

Сурат тагсўзи,

Бобурий масжид остида ноисломий ашёлар топилгани айтилади.

Ҳиндистон Олий Маҳкамаси бу жой обдон ўрганилиб, қазилма ишлари олиб борилганини ва Бобурий масжид остида Ислом динига алоқадор бўлмаган қадимий ашёлар топилганини урғулаган.

Маҳкама уларга таянган ҳолда ерни Рам худоси бутхонасини тиклаш учун ҳиндуларга беришга қарор қилган.

Мусулмонларга эса масжид қуриб олиш учун бошқа ердан жой ажратилган.

Айни пайтда маҳкама Бобурий масжиднинг бузиб ташланиши ҳам қонунга зид бўлган, деган қарорга келган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: //t.me/bbcuzbek