Коронавирус: Ал-Ақсо ва Набавий Масжид намоз учун очилди Koronavirus

Palestinians perform the dawn prayer inside the Al-Aqsa mosque compound, Islam's third holiest site, in Jerusalem's Old City
Сурат тагсўзи,

Коронавирус боис Ислом оламидаги энг муқаддас зиёратгоҳлар ҳам бекитилди

Коронавирус пандемияси ёпишга мажбур этган Ислом оламидаги энг муқаддас зиёратгоҳлар икки ойдан кейин ибодатлар учун яна қайта очилди.

31 май тонгида юзлаб мусулмонлар Ислом дунёсидаги учинчи муқаддас масжид - Қуддуси Шарифдаги Ал-Ақсо масжидига Бомдод намозини адо этиш учун кирдилар.

Айримлар масжид остонасидан қадам қўйишлари билан "Аллоҳу Акбар" дея такбир келтирдилар, бошқалар эса ерни ўпдилар.

Масжид ичкарисида эса вирус тарқалиши таҳдидини камайтириш чоралари кўрилган эди.

Сурат тагсўзи,

Намозхонлар Қуддуси-Шарифдаги Ал-Ақсо масжиди дарвозалари очилиши билан ичкарига шошилдилар

Масжид ичкарисига киритилишидан олдин ҳар бир мусулмоннинг тана ҳарорати текшириб кўрилди.

Ҳар бир намозхондан бошқа инсондан талаб қилинган масофани ушлаш, юзига ниқоб тақиш ва ўзининг жойнамозини олиб келиш сўралди.

"Масжидни очганларидан кейин энди нафас олаётгандек бўлдим, Аллоҳга шукур", дейди масжид ичкарисига кирганидан ҳаяжонланиб кетгани юз-кўзидан кўриниб турган Умм Ҳишам.

Сурат тагсўзи,

Масжид остонасидан қадам қўйган айрим намозхонлар "Аллоҳу Акбар" дея такбир келтирдилар

Ал-Ақсо ва бошқа муқаддас масканлар март ойи ўртасидан ёпилган, мусулмонлар ўзлари учун муқаддас Рамазон ойида масжидларда кунлик ва тундаги намозларни адо этиш имкониятидан маҳрум бўлган эдилар.

Коронавирус хавфи ҳамон сақланиб қолаётган эса-да, кўплаб мамлакатлар чекловларни босқичма-босқич юмшатмоқдалар, муқаддас масжидларга ҳам чекланган сондаги ибодатчиларнинг киришига рухсат берилди.

Сурат тагсўзи,

Ал-Ақсо Ислом оламидаги учинчи масжид ҳисобланади

Саудия Арабистонида ҳам якшанба кунидан чекловлар қисман юмшатилди.

Мадинаи-Мунавварадаги Набавий Масжид дарвозалари олдида ҳам Ал-Ақсодагидек манзарани кўриш мумкин бўлди.

Саудия Арабистони расмийлари Набавий Масжид ва яна 90000 атрофидаги масжидда ибодатларни адо этишга рухсат бердилар.

Масжидларни қайта очишдан олдин миллионлаб мусулмонларнинг қўл телефонларига турли тилларда хабарлар юборилди, жамоат намозлари учун қандай янги тартиблар жорий этилгани тушунтирилди.

Сурат тагсўзи,

Миллионлаб саудияликларга юборилган хабарларда масжидларда намозларни адо этиш чоғида ижтимоий масофани сақлаш лозимлиги огоҳлантирилди

Саудия Арабистонининг Исломий масалалар бўйича вазирлиги тарқатган матн хабарларда намозхонлар бир-бирларидан икки метрлик масофа сақлашлари лозимлиги, бир-бирлари билан қўл бериб ёки қучоқлашиб кўришмасликлари лозимлиги тушунтирилди.

Масжидларнинг таҳоратхоналари ёпиқ қолиши, шунинг учун намозхонлар таҳоратини уйида янгилаб масжидга ташриф буюришлари лозимлиги эслатилди.

Сурат тагсўзи,

Саудия Арабистони карантин чораларини юмшатишни бошлаган

Масжидлардаги ваъз ва намозлар 15 минутдан узоққа чўзилмаслиги лозимлиги айтилди.

Маккаи-Мукаррамадаги Масжид-ул Ҳаром ҳозирча ёпиқ қолиши, Каъбатуллоҳни қачон очилиши ҳақида хабар берилиши маълум қилди Саудия расмийлари.

Масжид-ул Ҳаромни йил давомида бутун Ислом оламидан миллионлаб зиёратчилар зиёрат қиладилар, энг кўп мусулмон Ҳаж зиёрати пайти борадилар.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: //t.me/bbcuzbek

Барча фотосуратлар муаллифлик ҳуқуқи билан ҳимояланган