Туркия билан жанжаллашаётган Франция радикал Исломни нишонга олмоқда - Эрдўған ва Макрон, O'zbekiston, Turkiya, Islom dini, dunyo, yangiliklar

  • Люси Уильямсон
  • Би-би-си, Париж
Сурат тагсўзи,

Мамлакат мотамда

Туркия билан жанжаллашаётган Франция радикал Исломни нишонга олмоқда - шу ой Париж ташқарисида тарих ўқитувчисининг боши танасидан жудо қилинганига жавобан Франция ҳукуматининг радикал исломчиликка қарши чоралари тез ва кескин бўлди: текширувлар, ёпиб қўйишлар, режа ва таклифлар шу қадар қизидики, нима бўлаётганини кузатиш қийин бўлиб қолди.

Учоқ ангарини эслатувчи, қовурғасимон бўртмали деворида кичик деразалари бўлган бино бўм- бўш ва ёпиқ.

Ташқарида ёмғирда ивиб кетмаслиги учун устидан пластик тасма билан ёпиштирилган расмий эслатма қоғози турибди. Унда масжид ижтимоий тармоқларда ўқитувчи Самуэль Патини нишонга олган видеони улашгани ва "исломий ҳаракатга аралашгани" учун ҳукумат томонидан ёпиб қўйилгани ёзилган.

Сурат тагсўзи,

Пантиндаги масжид масъуллар томонидан ёпиб қўйилган

Шу ой Париж ташқарисида тарих ўқитувчисининг боши танасидан жудо қилинганига жавобан Франция ҳукуматининг радикал исломчиликка қарши чоралари тез ва кескин бўлди - текширувлар, ёпиб қўйишлар, режа ва таклифлар шу қадар қизидики, нима бўлаётганини кузатиш қийин бўлиб қолди.

Президент Эммануэль Макроннинг ўтган ҳафта ўзининг Мудофаа кенгашига айтган "Қўрқув бошқа томонга ўтади," деган сўзлари тилдан тилга кўчди.

Ҳукумат 120дан ортиқ уйлар тинтув қилингани, исламист реторикадан фойдаланганликда айбланган ассоциациялар тарқатилиши, террорчиларни молиялаш йўллари текширилиши, ўқитувчилар янги тартибда ҳимояга олиниши ва самаралироқ шаклда контентларни назорат қилиши учун ижтимоий медиа компанияларига янада кўпроқ босим ўтказилишини эълон қилди.

Президент Макрон ҳокимиятга келгандан буён 20 тача одам шафқатсиз ўлдирилди, улар орасида полиция офицерлари, поезд бекатидаги бир қиз, Мавлуд байрами бозоридаги харидорлар бор. Аммо ҳозиргидек чоралар кўрилмаганди. Хўш, буниси нимаси билан ўзгача?

Кенгроқ кузатув

Жером Фурке сиёсий таҳлилчи, IFOP ижтимоий сўров агентлиги директори. Унинг ишонишича, бу сафарги ҳужум ўқитувчига бўлгани ва ўзининг ваҳшийлиги билан ажралиб туради, қолаверса, ҳукумат ичида ҳам бундай ҳолатга нисбатан ўзгариш бўлди.

"Биз ортиқ уюшган жиҳодчи тармоқлар билан эмас, балки ўз мамлакатимиздан чиққан, ўзи алоҳида радикаллашган террорчилар билан шуғулланяпмиз," дейди у.

"Ҳукумат қуруқ ҳуқуқ тартибот ишлари билангина чекланмоқчи эмас. Улар, шунингдек, ижтимоий тармоқлар ва ассоциацияларни ҳам назорат қилиши керак. Чунки бу фожиа нафрат ваъзларини аҳоли орасида тарқатадиган бутун тармоқларни намоён қилди. Тизим ўзгариши керак," дейди у.

Унинг айтишича, IFOP икки йил аввал ўтказган сўровлар ўқитувчиларнинг учдан бир қисми секуларизм борасида зиддиятлар чиқмаслиги учун "ўз ўзини" цензура қилгани аниқланган. У ҳукумат ўзи Республика қонунларига мафкуравий таҳдид ва хавфсизлигига таҳдид, деб атаган ҳодисаларга қарши курашишга ҳақли эканига ишонади.

Аммо Франция Илмий тадқиқотлар миллий марказидан социолог Лоран Муккьелли Президент Макрон ва унинг ҳукумати сиёсий сабабларга кўра керагидан ортиқ чораларга қўл урмоқда дейди, хусусан, 2022 йилги президентлик сайловлари сабабли.

"Макрон оловга ёғ сепяпти, - дейди жаноб Маккьелли. - У ўнгчилар ва ўта ўнгчилардан ортда қолгандек кўринишни истамаяпти. Унинг асосий мақсади 2022 йилда қайта сайланиш, шунинг учун у ўта ўнгчилар ўрнини эгаллаши керак. Ва уларнинг муҳим мавзуси 19-асрдан буён иммиграция ва хавфсизлик бўлиб келган."

Ўтган ҳафта ўтказилган сўровларга кўра, сўралганларнинг аксари ўта ўнгчилар етакчиси Марин Ле Пенни терроризмга қарши курашда Франциянинг энг ишончли лидери, деб кўрсатган. Макрон бу борада ундан тўрт рақам ортда қолган. Икки етакчи 18 ойдан сўнг президентлик учун кураш олиб боради.

Сурат тагсўзи,

Мусулмонлар мамлакатдаги Исломофобияга қарши намойишга чиқишган

Хавфсизлик президент Макроннинг заиф нуқтаси сифатида кўрилади. Унинг бу жиҳати хориждаги нисбатан мустаҳкам имижи ва мамлакатдаги жадал иқтисодий реформаси борасидаги ютуқларидан анча ортда қолган. Аммо Марин Ле Пен ҳатто Исломнинг тинч кўринишини ҳам француз миллий ўзлиги учун таҳдид деб билади.

Маданий зиддиятлар

Макрон президентлиги даврида дунёвийлик ва хавфсизликка таҳдидларни бир-биридан ажратиб қарашга астойдил ҳаракат қилиб келаётганди. Узоқ вақт у ҳижоб, буркини чўмилиш кийимлари ва ҳалол мактаб таомлари борасидаги саволларни четлаб ўтиб келди. Францияда диний ифодалар атрофидаги қизғин сиёсат нозик муносабатларни ҳашаматга айлантириб юборган.

Сурат тагсўзи,

Туркия ва Франция президентлари

Макроннинг либерал La République En Marche (LREM) партиясидан депутат Анн Кристин Ланг сентябрь ойида ҳижобдаги мусулмон аёлнинг гувоҳлигини эшитиши ҳақида сўраганларида Миллий Ассамблеядан туриб чиқиб кетган эди.

"Мен Миллий Ассамблеяда, демократиянинг уриб турган юрагида кимдир ҳижобда бўлишини қабул қила олмайман," деган эди у.

Мэрлар ва ўқитувчилар каби давлат хизматчилари ўзларида диний эътиқодни ифодаловчи бирорта белгини кўрсатмаслиги талаб қилинади. Аммо оддий одамларга бундай талаб қўйилмайди, ҳатто давлатга қарашли биноларда ҳам.

Аммо бу ҳижобдаги оналарнинг фарзандлари билан мактаб уюштирган саёҳатларга чиқиши ёки соҳилларда чўмилувчилар буркини кийиши юзасидан жанжалларни тўхтата олгани йўқ.

Дебатларда кўпинча ўнгчилар мухолифларини радикалларни тинчлантиришга уринишда айбласа, сўлчилар уларни исламофобияда айблайди.

Муҳаммад пайғамбар (с.а.в) карикатурасини ўқувчиларга кўрсатган Самуэль Патининг ўлдирилиши ортидан бу сиёсий тортишувларда бетартиблик янада ортди.

Халқаро жабҳада

Ҳукумат кўраётган чоралар мамлакат ичида президент Макроннинг тарафдорларини орттириш ё орттирмаслигидан қатъиназар, хорижда уни танқид қилувчилар сони аниқ ортган.

Ливия, Бангладеш ва Ғазо секторида намойишлар бўлди, Франция маҳсулотларини бойкот қилиш бўйича чақириқлар янгради, Туркия билан сўзлар жанги роса қизиди.

Франция президенти ўтган ҳафта дунёвий қадриятларини ҳимоя қилиб гапиргани ва мамлакат ўз "карикатураларидан ҳеч қачон воз кечмаслиги"ни айтганидан сўнг, Туркия президенти Режеп Тaййип Эрдўған бойкотни маъқуллаган ва Макроннинг ақлий соғломлигини ошкора савол остига олган.

Франция ўз элчисини чақириб олди

Аммо, аксар мураккаб муносабатлар сингари, бунисининг ҳам тарихи узун. Макрон туркиялик ҳамкасбига қарши талайгина даъволари бор: Суриядаги курд жангариларига қаршия Туркия ҳарбий амалиётлари, шарқий Ўртаер денгизидаги газ қидирувлари ва Ливияга қарши қурол-яроғ эмбаргосининг бузилиши.

Энди эса, даҳшатли қотиллик ва Франциянинг унга жавоби мамлакат ичида ҳам, ташида ҳам дин ва сиёсат чегараси ва қудратдагилар бундан қандай фойдаланиши устида янги можарони бошлади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: //t.me/bbcuzbek