Ўзбекистон, Ғузор: Ишчилар ғалаёнига руҳий толиқиш сабаб бўлганмиди? Видео, янгиликлар O'zbekiston

BBCUZBEK.COM

21 октябрь куни Қашқадарёнинг Ғузор туманида Uzbekistan GTL заводи қурилиши майдонида ишчилар норозилиги юз берган эди.

Ижтимоий тармоқда тарқалган видеоларда ишчилар қий-чув кўтариб югураётгани, офис жиҳозларига зарар етказилгани кўринади.

Тез орада ҳолатни изоҳлаган масъуллар электрон кириш тизимидаги техник носозлик туфайли ишчилар нонушта қилиш учун вақтида ошхонага кира олмагани, бу эса катта норозилик келтириб чиқаргани, аммо куннинг биринчи ярмидаёқ вазият барқарорлашганини маълум қилганлар.

Қурилишининг якуний босқичи давом этаётган умумий қиймати 3,6 миллиард доллардан зиёдроқ бўлган Uzbekistan GTL лойиҳасида ҳозирда 12 минг ишчи меҳнат қилмоқда.

Ўзбекистон учун ўзига хос ҳисобланган бу лойиҳа доирасида табиий газдан синтетик суюқ ёқилғи ишлаб чиқариш кўзда тутилган.

Аммо бу лойиҳа мамлакат иқтисодиёти учун қанчалик муҳим бўлмасин, жамоатчиликнинг асосий эътибори ишчилар норозилигининг сабабларини билишга қаратилганча қолмоқда.

Шу сабабдан 24 октябрь куни Энергетика вазирлиги бир гуруҳ матбуот вакилларини қурилиш майдонига таклиф қилиб, вазият билан таништирди.

Ҳаммасига карантин сабабми?

Масъулларнинг изоҳига кўра, ишчиларни жунбишга келтирган асосий омил - бу руҳий толиқиш.

Лойиҳада бош пудратчилардан бири сифатида иштирок этаётган Enter Engineering компанияси маъмурий директори Тимур Абдуллаев карантин туфайли қурилиш майдонида узоқ вақт қолиб кетган ишчиларда ана шундай кайфият юзага келганини айтади.

«Эҳтимолий сабаб нимада, деган саволга келинса, бизнинг қарашимиз шуки… ...айтиб ўтганимдек — руҳий толиқиш», билдиради у.

Абдуллаевнинг сўзларига кўра, карантинга қадар ишчилар бир ойда 22 кун ишлаб, 8 кун дам олганлар.

Кучайтирилган карантин тартиби амалда бўлган даврда қурилиш майдонида атиги 800 ишчи қолган.

Бу эса йил охирига қадар қуриб битказилиши режаланган завод лойиҳасини мушкул вазиятга солиб қўйган.

«Август ойида қурилиш қайта жонлана бошлади, ишчилар қайтди, аммо бошқаларнинг соғлигини ўйлаб, қурилиш майдонида ишга чиқишдан аввал мажбурий карантин ўташ тартиби ўрнатдик», сўзлайди Абдуллаев.

Янги тартибга кўра, ишга қайтган ишчининг ўртача етти кун давомида ҳудудда ташкил этилган карантин зонасида бўлишига тўғри келган.

Бундан ташқари қурилишни тезлатиш мақсадида ишчилар сони 8 мингдан 12 мингга қадар кўпайтирилган, иш кунлари эса 40-45 кунга қадар ортиб, дам олиш кунлари ўзгаришсиз, яъни 8 кунлигича қолган.

Бу эса, ўз навбатида, мавжуд меҳнат шароитига салбий таъсир ўтказган, дейди масъуллар.

"Шундан сўнг, ишга чиқиб, ишлаган кунлари билан уларда [ишчиларда] вахта [меҳнат жараёни] чўзилиб кетди. Лекин бу ноиложий чора эди. Ҳақиқатан, айрим инсонлар бу ерда 40-45 кун яшадилар. Очиғини тан олиш керак — ўзимиз ҳам шунча вақтдан бери турибмиз — бу — оғир".

«40-45 кун, руҳий босим, чиндан ҳам, тарангликни юзага келтирди. Меҳнат шароити оғир. Ўзингиз кўрдингиз, объект жиддий, катта, масъулиятли. Фойдаланишга топшириш муддати жуда қисқа. Буюртмачининг талаби билан декабрда ишга тушириш комплексини тугатишимиз керак», давом этади Enter Engineering вакили.

Абдуллаевнинг таъкидлашича, 21 октябрь куни ошхонада юз берган техник носозлик одамлардаги руҳий толиқиш ўзини намоён этишига туртки берган.

«Бу техник носозлик, ўзи аслида, арзимаган муаммо. Бироқ у одамлар ичидаги босимнинг портлаб кетишига сабаб бўлди».

«Тўланмаган» маош

Сурат тагсўзи,

Раҳбарият: Муаммолар бор, аммо...

Лойиҳа буюртмачиси бўлмиш Uzbekistan GTL бош директори Фахриддин Абдурасулов меҳнат шароитини яратиш ва ойлик иш ҳақларини ҳисоблашда камчиликларга йўл қўйилгани, умуман олганда, ишчилар эътибордан четда қолганини тан олади.

«Камчиликлар бўлган ва буни яширишга ҳожат йўқ. Ишчиларга эътиборсизлик бўлган. 12 минг одамни бошқариш давомида ўзига яраша камчилик бўлади. Ҳозир юз фоиз бартараф этдик, дея олмайман, лекин бартараф этишда давом этяпмиз», таъкидлайди у.

Бундан аввал ҳолатни ўрганган турли нашрлар ва блогерлар ишчиларнинг сўзларига таяниб, норозилик кайфияти юзага келишига асосий сабаб - ойлик маошларнинг, камида, уч ойдан бери берилмаётганида экани ҳақида ёзган эди.

Тимур Абдуллаев ишчиларнинг ойлаб маош олмаётгани тўғрисидаги хабарлар асоссиз эканини таъкидлайди.

Унинг сўзларига кўра, бажарилган меҳнат учун ҳақ навбатдаги ойнинг 15-санасидан ой якунига қадар тўлаб берилади.

"Август ойига доир иш ҳақлари ҳақида нима дейиш мумкин? Август учун ҳақ 16-санадан тўлана бошланган. 16-санадан 29-санага қадар тўлиқ тўлаб бўлинган. Сентябрь маошларида ҳам 1-санадан 15-санагача ҳисоб-китоб ўтказилган. Сентябрь учун ойлик маошларни тўлиқ тўлаб бериш 23-сана [октябрь]да якунига етказилган. Барча ҳужжатлар бор, банк варақалари бор — ҳаммаси картага ўтказилади, қайд этилади", билдиради у.

«Агар маошни вақтида тўламаётганимиз, уч ойлаб кечиктираётганимиз ҳақида гап-сўзлар бўлса, буни текшириб кўриш жуда осон».

Қурилиш майдонида Би-би-си билан суҳбатлашган бир неча ишчилар ҳам ўзларининг 21 октябрь кунидаги ҳолатда иштирок этмагани, ойлик маош эса масъуллар айтган тартибда бериб келинаётганини маълум қилдилар.

Шунга қарамай, жамоатчиликда юзлаб инсонларнинг норозилигига фақат руҳий толиқиш ва ошхонага киришдаги электрон тизимнинг ишдан чиққани сабаб бўлганига ишонч у қадар юқори эмаслиги кўзга ташланмоқда.

Масъуллар ишчилардаги руҳий таранглик кайфиятини юмшатиш учун қурилиш майдонида карантин бекор қилингани, яна 22 кунлик иш тартибига ўтилгани, қўшимча муддат ишлаган ишчилар ўз ихтиёри билан меҳнат таътилига чиқарилгани, тушликка одамлар истагига кўра қўшимча таомлар киритилаётгани билдирдилар.

Бу ерда бир ярим йилдан буён ишлаётган наманганлик Саидмуҳаммадхон Тўраев 12 минг инсон меҳнат қилаётган майдонда бундай ҳолат юзага келганидан ажабланмаганини айтади.

"12 минг нафар одам 12 минг хил фикрлайди. Бу ерда руҳий томони ҳам бор - бир одам «ҳа, ҳа», деса бошқалар қўшилиб кетаверади. Бу 12 минг одам норози, деганини англатмайди".

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: //t.me/bbcuzbek