Бишкек - Москва: Қирғизистон Россия ҳарбий базасини кенгайтириши мумкин - Qirg’iziston, O’zbekiston, Mirziyoyev, dunyo, yangiliklar

  • Шоҳруҳ Соипов
  • Мустақил журналист, Қирғизистон

Бишкек - Москва: Қирғизистон Россия ҳарбий базасини кенгайтириши мумкин - янги расмий Бишкекнинг баён қилишича, "агар Москва ёки Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти таклиф қилса, бу масалани кўриб чиқишга тайёр".

Бу ҳақда Қирғизистоннинг янги Ташқи ишлар вазири Россия пойтахти Москвада расман маълум қилди.

Қирғизистон Россиянинг Марказий Осиёдаги энг кўп ҳарбий иншоотлари жойлашган давлати бўлади.

Россиянинг минтақадаги энг яқин иккита иқтисодий ҳамкори, стратегик шериги ва иттифоқчисидан биттаси сифатида кўрилади.

Россиянинг Қантдаги ҳарбий базаси эса, мустақил Қирғизистон ҳудудида 17 йилдан бери амал қилади.

Унинг ҳозирлиги ташқи кучлар хавфидан ҳимоя мақсади билан изоҳлаб келинади.

Амалий ташриф

Қирғизистоннинг янги Ташқи ишлар вазири ўтган ҳафта сўнггида Россияга сафар қилган.

Руслан Қазақбаев ўзининг амалий ташрифи давомида Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан учрашган.

Ташқи ишлар вазирлари икки тарафлама ҳамкорликни ривожлантириш бўйича музокаралар олиб боришган.

Хабарларда Руслан Қазақбаевнинг икки кунлик ташрифи Россиянинг Қирғизистонга молиявий ёрдамини оширишга қаратилгани айтилган.

"Россия томони ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқи доирасидаги ўзаро алоқаларни янада интеграциялаштириш мақсадида Қирғизистонга молиявий ва техник ёрдам кўрсатиш, шунингдек, аввал эришилган келишувлар ва шартларга мувофиқ "ЕвроОсиё барқарорлаштириш ва тараққиёт" жамғармасидан $100 миллион доллар имтиёзли кредит олишга ёрдам беришга тайёрлигини тасдиқлади", дейилади Қирғизистон Ташқи Ишлар вазирлигининг расмий баёнотида.

Сафари якунида "РИА Новости"га берган интервьюсида Қирғизистон расмийси Руслан Қазақбаев ташрифи давомида муҳокама қилинган масалалар билан бир қаторда Россиянинг Бишкек яқинидаги "Қант" авиабазасини мустаҳкамлаш истиқболлари ҳақида ҳам гапирган.

У, "Қант" ҳарбий базасини Қирғизистон ва Коллектив Хавфсизлик Шартномаси ташкилотига аъзо мамлакатларда барқарорлик ва хавфсизлик кафолатининг таркибий қисми сифатида сақлаш бўйича қатъий позицияга эга" эканликларини таъкидлаган.

"Аввал имзоланган шартномаларни қайта кўриб чиқиш ниятлари йўқ"лиги, "улар қайта кўриб чиқилмаслиги"ни урғулаган.

Аммо вазир, ўз ўрнида, Россиянинг "Қант" ҳарбий базаси кенгайтирилишидан иккала тараф ҳам манфаатдор эканига ишора қилган.

"Агар Москва ёки Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти таклиф қилса, Қирғизистон "Қант" авиабазасини кенгайтириш масаласини кўриб чиқишга тайёр" деган Ташқи Ишлар вазири Руслан Қазақбаев.

Унинг сўзларига кўра, Россия Қирғизстондаги парламент сайловидан кейин юз берган сиёсий инқироз пайтида алоҳида роль ўйнаган.

"Сиёсий инқироз оммавий тартибсизлик ва қон тўкилишига олиб келиши мумкин эди. Россия ва ҳамкор давлатлар баёнот билан чиқиб, бизни қўллаб-қувватлашди", деган Руслан Қазақбаев.

Қирғизистонда норозиликлар авжига чиққан манзарада, 13 октябрь куни Россия президенти маъмурияти раҳбарининг ўринбосари Дмитрий Козак Бишкекка келган ва давлат бюджетини молиявий қўллаб-қувватлаш имкониятларини муҳокама қилган.

Қирғизистон янги Ташқи ишлар вазирининг Москвага амалий ташрифи ва Қантга оид баёноти мамлакат янги Бош вазири-муваққат президенти Садир Жапаров ўзининг хорижга илк сафари Россияга бўлишини маълум қилишидан қисқа вақт ўтмай кузатилган.

Қант ҳарбий базаси

Россиянинг ҳарбий базаси пойтахт Бишкек яқинидаги Қант шаҳарчасида жойлашган. У Коллектив тезкор кучларига тегишли.

Базада Су-25 русумидаги қирувчи самолётлар ва Ми-8 вертолётлари жойлаштирилган.

"Қант" ҳарбий базаси 2003 йилда "Коллектив Хавфсизлик Шартномаси ташкилоти" доирасида Россия билан 15 йиллик шартнома асосида очилган.

Унинг асосий мақсадларидан бири ҳудуддаги хавфсизликни таъминлашдан иборат.

Бугунги кунда мустақил Қирғизистонда Россиянинг "Қант" ҳарбий базасидан ташқари, яна бир нечта объектлари мавжуд.

Улар Иссиқкўлдаги торпедаларни синаш ҳарбий базаси, Чуй вилоятининг Чалдибар қишлоғидаги алоқа маркази ва Майлуу-Суу шаҳридаги сейсмик пунктлари бўлади.

Ҳарбий базалардан фойдаланиш тўғрисидаги шартнома 2012 йилнинг 20 сентябрида 15 йиллик муддат билан имзоланган.

Агар шартнома муддати тугаб, икки томоннинг бири уни тўхтатиш тўғрисида маълум қилмаса, ҳарбий базадан фойдаланиш муддати автоматик равишда яна 5 йилга узайтирилади, дейилган ҳужжатда.

2016 - 2017 йиллар давомида эса, Россия тарафи ижарага олган ерларни икки томонлама топографик суратга олиш ишлари амалга оширилган.

Натижада, Россия томон шартномада кўрсатилган майдондан 58,32 гектарга кўпроқ ердан фойдаланаётгани ҳам маълум бўлган.

"Протокол кучга киргандан кейин тўланувчи сумма $4 794 095 долларни ташкил қилади", деб ёзилган маълумотда.

Ижарага берилган ернинг майдони кўпайгани сабаб, унинг нархи $291 600 долларга оширилган.

Бундан ташқари, ушбу протокол кучга киргандан бошлаб, Россия Қирғизистонга амалда фойдаланган ер майдони учун 2012 йилнинг 20 сентябридан бошлаб ижара ҳақини тўлаши кўзда тутилган.

Путин: Биз Қирғизистондаги вазиятга аралашмаймиз

Россия президенти Владимир Путин 22 октябрь куни "Валдай" халқаро форумида Қирғизистондаги сўнгги ўзгаришлар ва Кремлнинг Бишкекка кўрсатган аввалги молиявий ёрдами ҳақида ҳам тўхталиб ўтган.

"Қирғизистон КХШТ, ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқи ташкилотига аъзо ҳисобланади, биз бу мамлакатнинг оёққа туриши учун жуда кўп ишларни қилганмиз. Қирғизистон иқтисодиётининг турли соҳаларини қўллаб-қувватлаш учун юзлаб миллион доллар маблағлар сарфланган. Қирғизистоннинг Божхона Иттифоқига қўшилиши учун санитария ва божхона тизимини мослаштириши мақсадида ҳам пуллар ажратилган. Йил сайин бериладиган ўнлаб миллион доллар грантлар ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Кейинги йилларнинг ўзида $500 миллион доллар ажратилган. Ҳозир Қирғизистонда бўлаётган воқеалардан ташвишланмаслик ва хафа бўлмаслик мумкин эмас. Аммо шуни таъкидлашни истардимки, биз у ерга аралашмаймиз ва ҳеч қандай сиёсий кучларга маслаҳат бермаймиз ёки уларни қўллаб-қувватламаймиз. Қирғизистонда барчаси яхши бўлади ва Россия билан яхши муносабатлар сақланиб қолади деб умид қиламиз", деган Путин.

Россия раҳбари Қирғизистон давлатчиликни ўрнатишга ҳаракат қилаётганини урғулаган.

15 октябрь куни Россия Қирғизистонга "сиёсий барқарорлик тикланмагунча ва ҳукумат иш бошламагунча" молиявий ёрдамни тўхтатишини эълон қилганига оид хабарлар ҳам бўй кўрсатган.

Россиядан имтиёзлар олишга одатланган Қирғизистон ҳукумати учун бу нимани англатиши ноаниқ қолганди.

Бир ҳафта ўтгач, президент вазифасини бажарувчи Садир Жапаров Россиянинг Бишкекдаги элчиси Николай Удовиченкони қабул қилиб, рус тили мамлакатда расмий тил бўлиб қолишига ишонтирган.

Шунингдек, у икки томонлама савдо-иқтисодий ва гуманитар ҳамкорликни давом эттириш ниятини билдириб, бу вазифани Бош вазирнинг биринчи ўринбосари Артем Новиковга ишониб топширган.

Жапаров ўз интервьюларида ҳам Россия Қирғизистоннинг асосий ҳамкори бўлиб қолишини бир неча бор таъкидлаган.

У "ал-Жазира" телеканалига демократия ва Россия ҳақидаги кескин саволга жавоб бераётиб, жумладан, шундай деган:

"Бизнинг Россия билан алоқаларимиз азалдан давом этиб келмоқда. Бундан кейин ҳам давом этади. Бизнинг ташқи сиёсатимиз Россия билан бўлади, ички сиёсатимиз - тараққиёт, демократияни эса, ўзимиз амалга оширамиз. Бошқа мамлакатлар билан ҳамкорлик давом этаверади. Европа давлатлари, АҚШ ва Хитой билан икки томонлама ҳамкорликлар қилинади. Аммо бизнинг асосий стратегик шеригимиз Россия бўлади. Сабаби, бизда жуда кўп ўхшашликлар бор ва биз улардан йироқлаша олмаймиз", - деган янги Бош вазир-муваққат президент.

Қирғизистон Ташқи ишлар вазири Руслан Қазақбаев ҳам Москвага қилган амалий ташрифи давомида Коллектив Хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ) Бош котиби Станислав Зас билан учрашган ва уни давлатдаги вазият барқарорлашиб, қонун устуворлиги ўрнатилганига ишонтирган.

Расмий маълумотларга кўра, ўтган йили Қирғизистон ва Россия ўртасидаги савдо айланмаси 2,6 миллиард долларни ташкил этган.

Бундан ташқари, президент Путиннинг таъкидлашича, Россия ҳам ҳар йили Қирғизистонга бюджетни қўллаб-қувватлаш учун ўн миллионлаб грантлар ажратади.

Қирғиз ҳукумати учун Россиянинг "дуоси"жуда муҳим

"Сиёсатда Россиядан ташқари мустақил йўналишни кўрадиган одамлар йўқ. Сабаби, уларнинг аксарияти Совет даврида тарбияланиб, характери шаклланган. Улар глобал тенденциялар ва ўзгаришларни ҳисобга олган ҳолда мустақил сиёсат олиб боришга қодир эмаслар ва бундан қўрқишади", дейди сиёсий таҳлилчи Даниел Қадирбеков.

Унга кўра, Россиянинг Украина ва Грузия мисолида олиб борган агрессив ташқи сиёсати аввалги Қирғизистон расмийларини қўрқитиб қўйган.

Яқинда бўлиб ўтган парламент сайловларига ҳам Россиянинг таъсири ва аралашуви муҳокама қилинган.

Бироқ Путин ўзининг сўнгги нутқида Қирғизистондаги вазиятни фақат кузатаётганини ва ҳеч қандай сиёсий кучларни қўллаб-қувватламаслигини маълум қилди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: //t.me/bbcuzbek