Минглаб ўзбекистонлик Тожикистонга ўта олмаяпти - Ўзбекистон ва Тожикистон, Mirziyoyev, O'zbekiston, Tojikiston, yangiliklar видео

  • Мустақил журналист
  • Тожикистон

Минглаб ўзбекистонлик Тожикистонга ўта олмаяпти - Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги чегара очиқми ёки ёпиқ? Ўзбекистонлик минглаб талабанинг тақдири, таҳсили нима бўлади?

Янги ўқув йили бошланганидан деярли 2 ой ўтганига қарамай, Тожикистон олий ўқув юртларидаги ўзбекистонлик талабалар ўқишларини давом эттира олмаяптилар.

Уларнинг айтишларича, бунга пандемия боис Ўзбекистон-Тожикистон ўртасидаги чегараларнинг ёпилиши сабаб бўлган.

Ўзбекистон 1 октябрдан бошлаб тожикистонликлар учун ўз чегараларини очди. Лекин тожикистонликлар Ўзбекистон ҳудудига ўтиш учун маълум санитария-гигиена қоидаларини бажаришлари шарт.

Аввало, улар коронавирусга чалинмаган бўлишлари зарур. Бунинг учун чегарадан ўтишда кўпи билан 72 соат олдин манфий натижа кўрсатилган тест маълумотини тақдим этишлари керак.

Агар бу маълумот бўлмаса, ўзбек чегарасида $20 АҚШ долларига тенг миқдорда маблағ тўлаб, тест топширишади.

Тест жавоби тезда чиқади ва у манфий бўлса, тожикистонликлар Ўзбекистон ҳудудига ўтиш имконига эга бўлишади.

Лекин ҳали-ҳозирча Тожикистон томони ўзбекистонликар учун ўз чегараларини очган эмас.

Айни шу сабаб билан минглаб ўзбек талабалари Тожикистондаги ўқиш жойларига бора олмаяптилар.

Бир томонлама очиқ чегара

Мен Сурхондарё вилоятида яшайман. Уйимиздан Душанбегача икки соатлик йўл. Бобом Душанбеда ўқиганлар. Бобомнинг маслаҳатлари билан мен ҳам Душанбе педагогика университетига ҳужжат топширдим ва ўқишга қабул қилиндим, - дейди Сурхондарё вилоятининг Узун туманида яшайдиган Асадбек.

Унинг айтишича, жорий йилнинг апрел ойи охирида Тожикистонда коронавирусга чалиниш ҳоллари қайд этилгач, кўп ўтмай, май ойида ўқишлар тўхтатилган ва у мажбурий таътилни ўтказиш учун уйига қайтган.

«Сентябрда ўқиш бошлангач, мен Тожикистон томон йўлга чикдим. Лекин чегара ёпиқлиги учун қайтиб кетдим. Октябрда чегара очилганини эшитдим. Тожикистонликлар чегарадан Ўзбекистон томон ўтишарди. Лекин бизни ўтказишмади. Уйларингга бориб, хабардор бўлиб туринглар, Тожикистон ҳам яқин орада чегарани очади, дейишди", - дейди ўқишдан қолиб кетаётганидан афсусланганча Асадбек.

Лекин Тошкент вилоятининг Янгийўл шаҳридан бўлган Мираббос ҳозир Хўжанд Давлат дорилфунунида ўқишини давом эттирмоқда. У янги ўқув йилининг биринчи кунларидан бошлаб Тожикистон олий ўқув юртларида ўқишини давом эттиришга муваффақ бўлган оз сонли ўзбекистонлик талабалардан бири.

Мираббоснинг айтишича, у пандемия боис таътил эълон қилинганидан сўнг ҳам уйига кетмаган. Олдинроқ, феврал-март ойларида Ўзбекистон ҳукумати Тожикистон Олий ўқув юртларида таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабаларни ортга қайтариш ҳаракатини бошлаганда ҳам, Мираббос ўзи танлаган ихтисос бўйича айнан Хўжанд дорилфунунида таълим олишни афзал кўрди.

Нозирлик рўйхатидан норозилик

Жорий йил феврал ойида Ўзбекистон томони Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистондаги олий ўқув юртларида таҳсил олаётган талабаларни ўз мамлакатига қайтариш ҳаракатини бошлади.

Бу мамлакатларда ўқиётган ўзбекистонлик талабаларга ўз юртларидаги турдош олий ўқув юртларга ўқишларини кўчириш имкони ваъдаси берилди.

Таҳлилчиларнинг айтишларича, бу уч қўшни мамлакатда камида 30 минг нафар ўзбекистонлик йигит-қиз таълим олаётганди.

Ўқишларини кўчириш учун ҳужжатларини олиб, Ўзбекистонга қайтган айрим талабалар ўз шаҳарларидаги олий ўқув юртларида ҳужжатларини қабул қилишмаётгани, ё турли баҳоналар бу ишни ортга суришаётганидан норозилик билдира бошлашди.

"Ўқишини кўчириш-кўчирмаслигини талабаларнинг ўзи ҳал этади. Чунки талабаларнинг ҳар бири ўқишга ўз истаги билан отланган ва шартнома тузган", дея таъкидлади Ўзбекистон Таълим вазирлиги вакилларидан бири.

"Биз талабаларга ўқишни кўчиришга имкон беряпмиз, холос. Бу мажбурий эмас", деганди Ўзбекистон Таълим вазирлиги матбуот котиби.

Айни бир пайтда Ўзбекистон расмийлари ота-оналарнинг фарзандларини ортга қайтариш истагини билдираётганликларини айтишди.

Улар Тожикистонда ўқиётган фарзандларига пул ўтказиш қийин бўлаётганидан арз қилишган экан.

Таълим вазирлигида ўқишни кўчиришга даъватларнинг коронавирус билан бирон-бир боғлиқлик томони йўқлигини таъкидлашди.

Иккинчи сабаб сифатида Тожикистонда бир эмас, олтита ўқув юртида таълим бериш сифати пастлиги айтилди.

Ўзбекистон ҳукумати қошидаги таълим сифати назорати давлат нозирлиги тузган рўйхатда Хўжанд Давлат дорилфунуни ҳам бор эди. Бу олий ўқув юртида деярли 800 нафар ўзбекистонлик талаба ўқиётганди.

"Четдан туриб баҳо бериш умуман тўғри эмас. Ўзбекистондан келиб, биздаги таълим жараёнлари билан танишишган эмас. Бизнинг дорилфунунимиз Марказий Осиёда таълим сифати юқорилиги билан ном чиқарган олий ўқув юртларидан саналади. Ҳали мустақиллик давридан олдин ҳам Ўзбекистондан жуда кўпчилик ёшлар бизда олий маълумот олиб қайтишган. Мустақиллик даврида эса, бизда ўқув базаси янада мустаҳкамланди", деди Хўжанд Давлат дорилфунуни олимларидан бири.

"Биздаги таълим сифатини кўрсатувчи мисол келтираман. Ҳозир дорилфунунимизни битириб кетган ўнлаб мутахассислар Ўзбекистонда илм ривожига ҳисса қўшишмоқда. Масалан, филология фанлари докторлари Боқижон Тўхлиев ва Бибиробия Ражабоваларнинг номларини Ўзбекистонда ҳурмат билан тилга олишади", деди олим.

Ўзбекистон Олий мажлисининг айрим депутатлари ҳам таълим сифати назорати нозирлиги хулосасига асло қўшилмасликларини билдиришди.

Тожикистон Маориф ва илм вазирм Мухаммадюсуф Имомзода номи келтирилган нозирликнинг хулосасини ҳақиқатга хилоф эканлигини айтди.

У матбуот йиғинида журналистлар саволига жавоб берар экан, Тожикистон олий ўқув юртлари борасидаги бу баҳонинг асоссиз ва нотўғри эканлигини таъкидлади. Вазир "қўшни мамлакатлардан бизда ўқиш учун келишяпти, барибир", деди.

Тожикистон Маориф ва илм вазирлигидан изоҳлашларича, белгиланган қоидаларга кўра, 2-5 курсларда ўқиётган талабалар ректор ижозати билан ўз ўқишларини бошқа олий ўқув юртларига кўчиришлари мумкин. Бундан ташқари, ўқишни кўчириш ниятидаги талаба ўқиётган ва у ўқишни истаётган ҳар икки олий ўқув юрти унинг аризасини тасдиқлаши зарур. Фақат истисно ҳолларда Тожикистон Маориф ва илм вазирлиги ижозати зарур бўлади.

Тожикистон олий ўқув юртлари раҳбарлари айни ўқув йили ўртасида ўзбекистонлик талабаларнинг ўқишларини ўз юртларига кўчиришларига даъват этилаётганидан ҳайрон бўлишди. Чунки мавжуд қонун-қоидаларга кўра, бу жараён ўқув йили тугагач, ёзда амалга ошириларди.

Ўз юртида ўқиш имконияти пайдо бўлганидан шошиб қолган ўзбекистонлик талабалар ҳужжатларини олиш учун ариза ёза бошлашди. Ҳужжат олиш учун навбатлар чўзилиб кетди.

Лекин кўпчилик талабалар Тожикистонда ўқишни исташарди. Душанбедаги Россия-Тожик (славян) университети ректори муовини Умид Мансуровнинг айтишича, бу олий ўқув юртида ўқиётган ўзбекистонлик талабалардан 15 фоизигина ҳужжатларини қайтариб олишган.

Ўзбекистонликлар нега Тожикистонда ўқишни афзал кўришади?

Бўстон шаҳридаги кон-металлургия дорилфунунидан эса, бор-йўғи тўрт нафар ўзбекистонлик талаба ўз юртида ўқишини давом эттириш истагини билдирган.

"Ҳозир бизда саксон нафар ўзбекистонлик талаба таълим олмоқда. Уларнинг кўпчилиги сиртдан ўкийди. Биз онлайн, яъни масофадан туриб таълим беряпмиз. Яъни, биронта дарс ҳам қолдирилган эмас", деди мазкур дорилфунуннинг хорижий талабалар билан ишаш бўлими масъул ходими. А. Муҳаммадиев.

"Бизнинг ўзимизда ҳам кон соҳасида олий ўқув юрти бор. Лекин, биринчидан, унга кирувчилар кўп. Иккинчидан, шартнома нархи Тожикистондаги қараганда анча қиммат. Мен шунинг учун Бўстондаги кон-металлургия университетини танладим ва бу ерда ўқиётганимдан хурсандман. Онлайн тарзида сифатли дарс берилади", деди Навоий вилоятидан бўлган Сардор.

Жорий йилда мазкур дорилфунунга юз нафардан ортиқ ўзбекистонлик ҳужжат топширди. Улардан 50 нафардан кўпроғи тест имтиҳонларидан муваффақиятли ўтди.

Лекин Муҳаммадиевнинг айтишича, ҳали уларнинг қабул қилиниб, талаба бўлганлиги борасида қарор чиқарилмаган. Чунки ҳар бир талаба дорилфунун билан шартнома тузиб, унга имзо чекиши зарур. Айнан чегара ёпиқлиги боис ҳали бу жараён ортга сурилмоқда.

Ҳиндлар уйғотган умид

Хўжанд Давлат дорифунуни талабаси янгийўллик Мираббос эса, курсдошлари билан бир аудиторияда ўқишини давом эттирмоқда. Унинг аъло ўкиши ва жамоатчилик ишларида фаол иштирокини ҳисобга олган олий ўқув маъмурияти Мираббосни шартномадан бюджет асосида ўқишга ўтказди.

"Мен бошқа кўпчилик ота-оналар каби қизимнинг ўз олдимда, шаҳримизда ўқишини истайман. Лекин бизда шартномада ўқиш қиммат, жуда озчилик бюджетда ўқийди. Шунинг учун қизим Хўжанддаги университетнинг чет тиллар факултетига ҳужжат топшириб, ўқиётганди", деди фарғоналик Собиржон.

Мираббос тез орада юртдошлари бўлган бошқа талабаларнинг ҳам Тожикистонда ўқишларини давом эттириш имкониятига эга бўлишига ишонишини айтди. Чунки биринчидан, Душанбе ва Тошкент ўртасида авиапарвозларни тиклаш масаласи ҳал этилмоқда. Иккинчидан, Тожикистон томони ҳам чегараларни очиш ҳаракатини бошлаган.

Тожикистон Ташқи ишлар вазирлигидан билдиришларича, чегарани очиш масаласи коронавирус олдини олиш ва унга қарши кураш бўйича Республика штаби билан келишилган ҳолда амалга оширилади. Ҳозир бу борада айни штабга мактуб билан мурожаат этилган.

Мактубга тез кунларда ижобий жавоб берилиши кутилар экан, айни бир пайтда Тожикистон жанубидаги чегара-назорат масканларидан биридан бу мамлакатда ўқиётган ўзбекистонлик талабалар тушган автобус ўтган.

"Тожикистон ўз олий ўқув юртларида ўқиётган ҳинд ва афғон талабалари учун чегараларини очди. Бу мендаги умидни ҳам кучайтирди. Чунки Тожикистонда юз-икки юзта афғон, ҳинд ўкиётган бўлса, биз минглабмиз", деди чегара очилишини интиқлик билан кутаётганини ва бунга ишонишини айтган сурхондарёлик Асадбек.

Ўзбекистон эса, ўз фуқароларининг Марказий Осиё мамлакатларида таълим олишига оид сиёсатини ўзгартирган кўринади. Мамлакатнинг ҳукумат телеканалларидаги рекламада Россия каби, Қозоғистон ва Тожикистон олий ўқув юртларида таълим олиш истагида бўлган кишиларга ёрдам бериш таклиф этилаётгани буни кўрсатади, деди таҳлилчилардан бири. Менимча, деди у, Ўзбекистон ҳукумати чегараларнинг икки томонлама очилишини тезлаштириш учун интилади ва ўзбекистонлик талабаларнинг ҳаммаси Тожикистонда ўкишларини давом эттира бошлашади", деди таҳлилчи.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: //t.me/bbcuzbek