Бепуштлик - "Эркаклар ўз жинсий муаммоларидан номус қилади". Нега бу ҳақда очиқ гапириш керак - O'zbekiston, dunyo, yangiliklar

Aka-uka

Бепуштлик - "Эркаклар ўз жинсий муаммоларидан номус қилади". Нега бу ҳақда очиқ гапириш керак - ўз ҳаётий тажрибалари ортидан, икки ака-ука худди шу каби тўхтамга келди, ана шундай тавсия билан чиқди.

Крис Xьюз ТВдаги жонли дастурда ўз моягини текширтирар экан, ўз акасини саратондан асраши хаёлига ҳам келмаган эди. Ҳозир бу ака-ука эркаклардаги жинсий муаммоларга омма эътиборини қаратишга аҳд қилган.

Мояклар

Аҳолининг деярли ярмида бор улар, аммо улар қандай ишлашини биладиларми, аҳволини кузатишни-чи?

Буни "Севги ороли" шоусининг собиқ қатнашчиси Крис Xьюз, моягида муаммо чиққанидан сўнг, ўтган бир неча йил давомида ўзидан бот-бот сўради.

27 яшар Крис ва унинг акаси 28 яшар Бен "BBC Three"нинг "Мен, акам ва бизнинг мояклар" номли ҳужжатли фильмида ўз мояклари соғломлигини текширтириш учун кўриниш берадилар.

Улар бу билан бошқа эркаклар ҳам шундай қилишига умид қиладилар. Бу котсуолдслик ака- уканинг бошдан кечирганлари ҳақидаги фильм эди.

"Моягим тўрт марта жарроҳлик амалиётидан ўтган, биринчи марта моягимда нимадир жойида эмасдек туюлганда 15 ёшда эдим - чап моягимдаги вена томирлари йиғилиб, варикоцеле пайдо қилганди," дейди Крис.

"Аввалига у мени унчалик безовта қилмади, шунинг учун бир неча йил ҳеч нарса қилмадим, бу ҳақда ўйламадим ҳам. Бир неча йил ўтиб, буни ҳал қилдим, шунингдек, ўнг моягимдаги гидроцелени (суюқлик тўпланиши) ҳам операция қилдирдим.

2018 йили Крис "Бу тонг" жонли дастурида моягини текширтирди. Аввал ҳам шундай текширувлардан ўтгани учун бундан унчалик ўнғайсизлик сезмади. Аммо бу унинг акаси учун нимани англатишини тасаввур ҳам қилмаганди.

"У "Бу тонг"га жонли текширувдан ўтиш учун борганидан хабарим йўқ эди, - деб эслайди Бен. - Уйга келганимда онам ва отам менга кўрсатувни тамоша қилишимни, укам қизиқ ишлар қилганини айтишди."

"У туш маҳали, соат бирларда уйга кириб келди. Мен унга бу қилгани кўп одамга ёрдами тегишини айтиб, табрикладим. Аммо у менга ҳам ёрдам беришини билмасдим."

Ўша тунда Криснинг текширувидан руҳланган Бен ўзининг моягини ҳам пайпаслаб текшириб кўрди ва у ерда бўртиқ нимадир борлигини сезиб қолди.

"Тақдирга битилгандек эди. Крис кетди, текширтирди, сўнг менда муаммо чиқди."

"Бу ҳақда аввал ҳеч ўйламагандим. ТВ ёки ижтимоий тармоқларда моякнинг соғломлиги бўйича бирор нарсани кўрмайсиз. Юз берган иш жуда ғалати бўлди."

"Гўё Крис шу ишни қилаётганда кимдир тепадан бизга қараб тургандек."

Текширувлардан сўнг бўртиқ саратон экани тасдиқланди, аммо Бен ўсимтани олдириб ташлашдан аввал спермасини олиб, ҳар эҳтимолга қарши келажак учун махсус сақлаб қўйишга қарор қилди.

Бу бошқа бир зарбани қабул қилиб олгунча эди.

"Менда сперма ишлаб чиқишга етадиган даражада тестостерон йўқ экан, - дейди у. - Лондонга бошқа докторларга бордим. Улар операциядан сўнг менга икки ойлик курс даволаш дори дармонларини тайинлашди.

2019 йил январда саратон ўсимтаси олиб ташлангандан буён, Бен ўзининг жинсий муаммоси сабабларини топиш ва даволаш учун ҳаракат қилмоқда.

У ва унинг қиз дўсти Оливия бола кўриш учун уринишаётгани йўқ ҳозир, аммо бу улар келажакда истайдиган нарса.

Ҳужжатли фильмда Бен шифокор қабулида ўзида уруғ ҳужайралар деярли йўқ эканини билгач, жуфтларнинг йиғлаб юборгани кўрсатилган. Номаълумликларга қарамай, Бен ижобий кайфиятини сақлашга уринмоқда.

"Ўз жинсий қувватини текширтирмаган аксар дўстларимдан кўра аҳволим яхшироқ деб ўйлайман ва яна ўзимникини аллақачон текширтирганим ва бир чора кўрганим менинг омадим бўлган," дейди у.

Крис ва Бен ушбу кўрсатувдан эркаклар ўрганиши керак бўлган бир нарсани истайди - ҳатто ҳозир безовта қилмаётган бўлса ҳам, эркаклар ўз жинсий қувватлари аҳволидан хабардор бўлишлари керак.

Тадқиқотларга кўра, Европа ва АҚШда эркакларнинг жинсий қувватида заифлашиш кучайган, бир маълумотга кўра сперма сони 0 ва 15 млн оралиғида бўлган беморлар сони ортган.

2000 йиллар бошида спермаси сони бунчалик оз беморлар сони 9 фоиз эди, 2014-2017 йилларда улар 11.5 фоизга етди. Бошқа бир тадқиқотда 1973 ва 2011 йиллар оралиғида ҳам сперма сонида пастлаш бўлгани аниқланган эди.

Ҳар бир миллилитр уруғда 15 млн.дан оз сперма бўлиши паст кўрсатгич саналади.

Бундай пастлашга нима сабаб бўлаётганига аниқ жавоб йўқ.

Ҳужжатли фильмда Крис барда дўстларидан нима спермага таъсир қилиши ҳақида сўрайди. Уларнинг тахминлари тўғри - ҳарорат, наркотик моддалар, тор ички кийим - буларнинг бари сабаб бўлиши мумкин.

Тадқиқотчилар бошқа сабабларни ҳам кўрсатади - ифлосланиш ҳам сперманинг соғломлигига таъсир қилиши мумкин.

Криснинг спермаси сони нормал, деб топилди, Бен эса уни кўпайтириш учун тестостерон препаратлари қабул қиляпти. Ака-ука бир нарсада якдил - ички кийимларимиз остида нима бўлаётгани ҳақида очиқ бўлишимиз керак.

"Биз маҳаллий барга бориб, шу масалани гаплашдик, дўстларим ва мен шуни англадикки, бу ҳақда жуда оз биламиз, эркакларнинг жинсий қуввати ҳақида таълим кўрмаганмиз ҳисоб," дейди Крис.

У ва Бен эркакларнинг жинсий қуввати ҳақида билибгина қолмай, эркаклар ижтимоий босим, эркаклик ҳақидаги тушунчалар сабабли бу мавзуда гаплашишдан тортинмасликлари керак, деб ҳисоблайди.

"Бизда жинсий таълим бор, аммо агар биз бу масалани муҳокама қилсак, менимча, эркак ва аёллар ҳам бу борада очиқроқ бўлади."

"Эркаклар буни бирмунча кайфиятга салбий таъсир қилувчи, бирмунча эркаклик масаласи, деб билади."

"Эркаклар аёлни ҳомиладор қила олмаса, ўзини айбдордек ҳис қилади, аммо бу қанчалик уларнинг муаммоси бўлса, аёлларнинг ҳам ўшанчалик муаммосидир."

"Ёшлигимизда, мен ва Крис дўстларимиз билан айлангани чиқсак, кимнидир ҳомиладор қилишга уринмасдик ҳам, ўзи буни эплай олишимизни ҳам билмасдик," деб кулади Бен.

"Бунақа вазиятга тушиш ҳақиқатда ғалати, аммо, менимча, ёш йигитлар ўз жинсий соғлиқларини текширтиришлари керак. Мен буни барча эркак дўстларимга тавсия қиламан, ҳатто бу ҳақда ўйламаётган бўлишса ҳам, бориш, текширтириш, аҳволини билиш".

"Google"да бироз қидирсангиз ҳам эркакларнинг жинсий соғлиғи ҳақида аёлларникига нисбатан анча кам маълумот чиқади, дея қўшимча қилади Крис.

"Ҳатто интернет эркак жинсий соғлиғи масаласини камситади, - ҳазиллашади у. - Биз барга бориб, бу ҳақда гаплашмаймиз. Аёллар эса гаплашади. Бу 50/50 масала.

"Эски мактабимда олтинчи синф ўқувчилари билан гаплашдим. Уларга қандай текширувга бориш, агар бўртма борлиги аниқланса, уни қандай текширтириш ҳақида сўзладим," дейди Бен.

"Имконим борича кўпроқ одамга ёрдам беришга уриняпман. Ижтимоий тармоқларга нима жойласак, таъсири катта бўлади, чунки бутун дунёдан эркаклар қилаётган ишларимиз қанчалик кераклиги ҳақида бизга ёзишди - уларда бўртма аниқланган, уни текширтиришмоқда."

"Бир ҳафта ўтиб, унинг саратон ўсмаси экани аниқланса, улар кимётерапияни бошлаши керак. Аммо бизга раҳмат айтишди. Менга бир талай шундай хатлар келган. Ишончим комил, Крисга ҳам келган."

Ўз жинсий соғлиғингиз ҳақида қилинадиган биринчи иш, дейди Бен, қанчалик қийин бўлмасин, очиқ бўлиш.

Эркаклар ўз туйғулари, аҳволлари ҳақида гапиришга бироз тортинади. Чунки эркакда муаммо бўлиши керакмас, улар кучли бўлиши ва ўзи енгиб ўтиши керак, деб ҳисоблашади. Бу эса нотўғри," дейди у.

"Эркакларга айтишим керак бўлган нарса шу: бу ҳақда гапиринг."

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: //t.me/bbcuzbek