Қизил Россия Бухорони қандай қонга ботирган? Ўзбекистон Мустақиллик O'zbekiston

Коллаж
Сурат тагсўзи,

Бухорода монархия давлати инқирози: Амир Олимхон қочган, Фрунзе шаҳарни вайрон қилган.

Бундан роппа-роса 100 йил олдин Туркистондаги сўнгги монархия Қизил Армиянинг шафқатсиз ҳужуми остида қолади.

Бугунги Марказий Осиёдаги охирги номинал мустақил давлат - Бухоро Амирлигини большевиклар Россиясига қўшиб олиниши узил-кесил ҳал этилади.

1920 йили 2 сентябрда Бухорода амирлик қулатилиб, ўрнида Бухоро Халқ Республикаси эълон қилинади.

Ўз пайтида зулм, қамбағаллик ва қолоқликдан безган қатор маҳаллий зиёлилар ҳам Қизилларни қўллашгани айтилади.

Бироқ ҳозирги ҳикоямиз Бухоро ҳужумининг қанчалик шафқатсиз ва қақшатқич кечгани ҳақида.

Бухоро қандай қонга ботганди? Видео:

Бухорода 1920 милодий йил август ойи охиридан токи 2 сентябрга қадар нималар бўлгани тарих китобларида кўп ёритилмаган ва жамиятда ҳам муҳокама қилинмайди.

"У кунлардаги воқеаларни оиламизда фақат бувим билардилар" - эслайди Бухородан Мавжуда Орипова.

"Фрунзе келди дейишди, кейин аэропланлардан ҳужум қилишди, ҳатто шу бегуноҳ Минораи Калонни ҳам ҳужумга тутишди, деб эслардилар".

"Бухоро кўчаларида одамлар қони оққанини айтардилар" - дея марҳума бувисининг хотираларидан иқтибос келтиради Мавжуда Орипова.

"Ҳайрон бўлардик, тарих китобларида халқ Қизилларни қўллагани ёзилган бўлса, бувимнинг гаплари бунинг тескарисини таъкидларди".

Аслида нима бўлган?

Сурат тагсўзи,

Мавжуда Орипова Бухоро ҳужуми ҳақида бувисидан эшитган.

Шаксиз, инсонларнинг хотиралари тарихий ҳақиқатни тиклашда муҳим.

Аммо авлоддан-авлодга оғзаки тарзда ўтган ҳикоялар ва воқеаларнинг ўзгариб кетиш эҳтимоли ҳам катта бўлади.

"Бухорода ўшанда нималар бўлгани ҳозир ўрганилмоқда" - дейди бухоролик тарихчи олим, профессор Сулаймон Иноятов.

"Катта тайёргарлик билан келган армия Бухорони ўраб олган" - эслайди олим - "Қирқта замбарак ва ўн битта самолёт олиб келинган".

Фрунзе бошчилигидаги ҳужум шафқатсиз кечгани тарихий манбалардан маълум.

Ҳеч қачон самолёт (аэроплан) кўрмаган халқ ваҳима тушади.

Шаҳарнинг мадраса, минора ва маҳаллалари ўққа тутилади.

"Бухоронинг қанчалик вайрон қилингани тарихчилар китобларида ёзилган" - дейди профессор Иноятов.

"Бухоронинг Қарши ва Самарқанд дарвозалари 800 кило бомба билан олиб ташлангани, аскарлар кириб гузарларда қўл жанглари бошлаганлари, кўчага чиққан ёшу қари, аёлу бола демай, ҳаммани қиличдан ўтказишгани ва Бухоро кўчаларини қонга ботиришгани - тарихий ҳақиқат".

Сурат тагсўзи,

Қизиллар Минораи Калонни ҳам снаряд ҳужумларига тутишган.

Тарих ўрганилмоқдами?

Амир ва аксар оиласи ҳали ҳужумдан олдин Бухородан чиқиб, Афғонистон тарафга кетганди.

Манғитлар сулоласининг бу палласи зулм, қашшоқлик, иқтисод ва илм-фанда қолоқлик авжига чиққан паллалар эди.

Совет даври тарихи бўйича, мазкур ҳолатдан безган Бухоро халқи Қизилларни қўллаб монархияга қарши инқилоб қилади.

Бироқ бошқа бир ҳақиқат ҳам бор:

Айнан ХХ аср бошида маърифатпарварлик ва ислоҳот ғоялари ёйилиб, қатор бухороликлар ҳаракатлари ривожланиш ва ўзгаришларни истаётган эдилар.

Сурат тагсўзи,

Профессор Сулаймон Иноятовнинг айтишича, ўшанда инқилоб эмас, босқин бўлган.

Аксар тарихчилар Амир Олимхон давридаги қолоқлик ва зулмни инкор этишмайди.

Шу қаторда, Бухоро халқи инқилоб қилганини ҳам савол остига оладилар.

"Қизиллар қурол кучи билан Бухорони қонга ботирганлари ҳозир алоҳида ўрганилмоқда" - дейди профессор Сулаймон Иноятов.

Алданган бухороликлар

Парчаланган Бухоро давлатининг аксар қисмлари бугунги Ўзбекистон ва Тожикистонда, кичик ҳудудлари Туркманистонда қолди.

"Биз бу воқеаларга бўлиб ўтган тарих сифатида қарашимиз керак" - дейди Бухоро университетидан тарихчи олима Нигора Маҳмудова.

"Қизил Армия, яъни большевиклар Ёш бухороликлар ва зиёлиларни алдаб, кўп нарсалар ваъда қилиб, ўз мақсадларига эришганлар".

"Улар Бухоро Амирлигини қўшиб олишган ва ўз чегараларини кенгайтиришган" - таъкидлайди олима.

Сурат тагсўзи,

Тарихчи Нигора Маҳмудовага кўра, Амир Олимхон ҳам оддий халққа нисбатан шафқатсиз сиёсат юритган.

"Шу боис мен буни босқин ва қуролли йўл билан Бухоро Амирлиги ҳудудини ишғол қилиш, деб ҳисоблайман".

Ўз пайтида ҳуқуқсизлик, қашшоқлик ва қолоқликдан безган зиёли тоифа ва, умуман, фуқароларда танлов бўлганми, деган савол ўртага чиқади.

"1920 йилдаги Бухоро амирлиги сарҳадлари, барибир, узоқ вақт сақланиб қолмасди" - дейди Нигора Маҳмудова.

"Чунки Бухоро амири сиёсати оддий халққа нисбатан жуда шафқатсиз бўлган".

"Эртами-кечми, барибир, халқ ўз озодлиги ва ҳуқуқи учун курашарди. Қизил Армия ёрдамида бўлмаса ҳам, кейинроқ шундай бир воқеа содир бўлиши мумкин эди".

Ғолиб ким?

Зотан бир аср олдинги Бухорода реал куч-қудратга эга тарафлар ё амир, ё большевиклар эди.

Айрим фикрларга кўра, Қизилларга кўмаклашган кам сонли қатлам аслида монархиядан қутилишни истаган ва бу йўлда большевикларга беҳуда ишонган бўлиши мумкин.

Қизиллар монархияга қарши ўзларини қўллаган кўплаб зиёлиларни ҳам кейинроқ қатағон қилишган.

Ҳозирда Бухоро Амирлигининг қулатилиши сабаби ҳамда оқибатлари ҳақидаги тарихий ҳикоялар ва ҳатто жамиятдаги фикрлар ҳам хилма-хил, баъзан ўзаро қарама-қарши.

Зотан Бухоро монархиясининг сўнгги кунларидаги уч асосий иштирокчи - амир, большевиклар ва уларни қўллаган айрим зиёли қатлам ҳамон зиддият билан тилга олинади.

Бугунда эса бу уч тарафнинг биронтасини ғолиб, дейиш имконсиз.

Алоқадор мавзулар:

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: //t.me/bbcuzbek