Коронавирус Америка лабораторияларида ишлаб чиқилганми?

АҚШ

Хитой ҳукуматига яқин инглиз тилидаги Global Times газетаси Оқ Уй сайтида жойлаштирилгани даъво қилинган петиция ҳақидаги мақолани чоп этди.

Нашрнинг ёзишича, петицияда гўёки Америка ҳукуматидан Пентагоннинг инфекцион касалликлар устида тадқиқот олиб бориладиган лабораторияси ҳақидаги маълумотларни ошкор этиш сўралади.

Global Timesнинг таъкидлашича, хитойлик интернет фойдаланувчилари ва экспертлар Форт Детрикдаги лабораториянинг коронавирусга алоқаси бор-йўқлигини билишни истайдилар.

Аммо АҚШ президентига мурожаатлар жойлаштириладиган сайтда бу каби петиция йўқ.

Газетанинг қайд этишича, сўнгги вақтларда инглиз тилидаги ОАВлардан лабораториянинг ёпилгани ҳақидаги хабарлар олиб ташланган. Бу эса Америкадаги лаборатория билан коронавирус ўртасидаги боғлиқликка оид шубҳаларни янада кучайтиради.

Шу тариқа расмий Пекин Хитой Ташқи ишлар вазирлиги вакили Чжао Лицзян тилидан янграган назарияни ривожлантиришда давом этмоқда.

Хитой вакили гарчи вирус Уханда чиққан бўлса-да, уни Хитойга Америка ҳарийлари олиб кирган бўлиши мумкинлигини айтган эди.

Фитна назарияларини ёйиш

Хитой ҳукумати аввалига АҚШни коронавирус пандемиясини сиёсийлаштиришда айблаган бўлса, энди қандай қилиб вирус Америкадан Хитойга олиб кирилган бўлиши мумкинлиги атрофида ҳеч қандай далил билан асосланмаган назарияларни ёйишга ўтди.

Хитой ммавий ахборот воситалари Чжао Лицзяннинг вирусни Хитойга америка ҳарбийлари ўтган йил октябрида олиб кирган, деган иддаосини ёйинламоқда.

"Америкада "пациент зеро" (биринчи -таҳр. ) қачон пайдо бўлди? Қанча одам касалланган? Улар қайси шифохоналарда? Эҳтимол, вирусни Уханга америкалик ҳарбийларнинг ўзлари олиб киргандир? Аниқлик киритинг! АҚШ изоҳ бериш керак!" , деб ёзди Хитой вакили Твиттерда хитой ва инглиз тилларида.

Чжао америкалик ҳарбийлар ҳақида гапирганда, 2019 йил октябрида Уханда бўлиб ўтган Бутунжаҳон ҳарбий ўйинларини назарда тутмоқда.

Пентагон халқаро ўйинларга 17 жамоа ва жами 280 нафар спортчиларни юборган.

Шундан буён АҚШ мудофаа вазирлиги ўз ҳарбийларининг Жанубий Корея ва Италияда вирусни юқтиргани билан боғлиқ бир неча ҳолатни очиқлади, аммо уларнинг биронтаси ҳам октябрда Ухандаги ўтган ўйинларга алоқадор эмас.

Айни пайтда Чжаонинг баёноти Хитойдаги энг оммавий ижтимоий тармоқ бўлган Weiboда жуда кўп улашилди ва жума куни ярим кун ичида 160 миллион марта кўрилди.

Хитойнинг АҚШдаги элчиси Давлат Департаментига изоҳ бериш учун чақирилди.

Жума кунининг ўзида Хитой Ташқи ишлар вазирлигининг брифингида вазирликнинг бошқа бир вакили Гэн Шуан ўз ҳамкасбининг баёноти инқирозни сиёсийлаштириши ва партиянинг расмий мавқеини акс эттириши тўғрисидаги тахминни шарҳламади.

Бунинг ўрнига АҚШ расмийлари ва қонун чиқарувчиларини Хитойга қарши қоралаш ва ҳужум кампанияларида айблади.

"Биз бу каби ёндашувга мутлақо қаршимиз, -деди Гэн Шуаy. -Аслида, халқаро жамоатчилик ва АҚШнинг ўзида ҳам вируснинг манбаси борасида турлича қарашлар бор. Хитойнинг нуқтаи назарида эса, бу илмий ва профессионал ёндашувни талаб қиладиган соф илмий масаладир".

АҚШ Давлат Котиби Майк Помпео Хитойни "дезинформация" тарқатишни тўхтатишга чақирган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: //t.me/bbcuzbek